Осиё чемпионатида велоспортчиларимиз кумуш медални қўлга киритишди
Велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича давом этаётган Осиё чемпионатида бугун жамоавий эстафета дастурида медаллар тақдири ҳал бўлди. Қувонарли томони — терма жамоамизнинг ёш вакиллари бу баҳсда ўзини жуда муносиб кўрсатиб, фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.
20 километр масофага ташкил этилган пойгада жамоамиз бир бутун механизмдек ишлади: ҳар бир айланишда темп ушланди, алмашинувларда “секундлар” йўқотилмади, умумий суръат эса сўнмади. Бундай стартларда асосий ютуқ ҳам шу — кучни тўғри тақсимлаш ва жамоавий уйғунликни йўлга қўйиш.