Тошкент офис бозори ўсди: ижара қимматлашди, бўш жойлар камайди
2025 йил якунларига кўра, Тошкент шаҳрида офис кўчмас мулк бозори сезиларли ўсишни намоён этди. Пойтахтдаги офис майдонларининг умумий ҳажми 754,4 минг квадрат метрга етди. Шу майдонларнинг 591,2 минг квадрати ижарага чиқарилиши мумкин бўлган объектлар ҳисобланади. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 10,2 фоизга юқори.
Ушбу маълумотлар CMWP Uzbekistan томонидан тайёрланган йиллик таҳлил ҳисоботида келтирилган. Ҳисоботга кўра, 2025 йил охирида Тошкентда тахминан 95 минг квадрат метр офис майдони бўш турган.