Неймарнинг орзуси: у мундиал финалида гол уришга ваъда берди
Бразилия футболи юлдузи Неймар 2026 йилги жаҳон чемпионати арафасида нафақат мухлисларни, балки миллий жамоа бош мураббийини ҳам бефарқ қолдирмаган қатъий баёнот билан чиқди. 33 ёшли ҳужумчи мундиалга бориш ва Бразилия шарафини тиклаш ниятида эканини очиқ айтди.
Яқинда тиззасидан жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган Неймар ҳозирда тикланиш жараёнида. Унинг клуби — "Сантос" берган маълумотга кўра, операция муваффақиятли ўтган ва футболчи тахминан бир ой ичида тўлиқ сафга қайтиши мумкин.